Самарқандда Қорадарё устидан ўтган кўприк оғиб, чўкиб қолди

14 июль, якшанба куни «Самарқанд—Бухоро—Туркманбоши» автомобиль йўлидаги Қорадарё дарёси устидан ўтган кўприк бироз оғиб, кўприкнинг бир қисми чўккан. Шундан буён кўприкнинг бир томонида транспорт воситаларининг ҳаракати чеклаб қўйилган, деб хабар беради Zarnews.

Талофатлар қайд қилинмаган бўлса-да, кўприк нима учун чўккан? Ҳаракат қачонгача бир томонда давом эттирилади? Шу каби саволларга ойдинлик киритиш учун Самарқанд мунтазам йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига мурожаат қилинди.

Маълум қилинишича, «Самарқанд—Бухоро—Туркманбоши» автомобиль йўлининг 6-километридаги ушбу кўприк 1970 йилда қурилган бўлиб, жорий йилнинг 17 июнидан дарё ўзанидаги сув сатҳи кўтарилганлиги сабабли кўприкнинг 6-таянч қисмидаги панжаранинг таг қисми ювилиши натижасида таянч қисм ғарб томонга оғиб, чўкиш ҳосил бўлган. Натижада кўприкнинг 6—7-таянч қисмлари оралиғида темир-бетонлар нураб, умумий 26 сантиметрга чўкиш пайдо бўлган.

Жорий йил 13 июлдан 14 июлга ўтар кечаси ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўприкда ҳаракатланиш тўхтатилиб, транспорт воситаларининг ҳаракатини ёнидаги, 2006 йилда қурилган кўприкдан ўтказишга қарор қилинган.

Умуман, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ушбу кўприкни кенгайтириш бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Ишлаб чиқилган лойиҳа смета ҳужжатларига асосан реконструкция ишларига 12 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади. Янги кўприкнинг габарити (2006 йилда қурилган кўприк билан бирга) 6 та ҳаракат тасмасидан иборат бўлади ва 1970 йилда қурилган кўприк устидаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиши 2006 йилда қурилган ва реконструкция қилинаётган кўприклар устига ўтказилади.

Аввалроқ жазирама туфайли Самарқанд вилоятидаги дарёларда сув сатҳи кўтарилаётгани, шу сабабли дарёлар қирғоқларини, кўприкларни мустаҳкамлаш, муҳофаза зонасида жойлашиб қолган объектларни аниқлаб бартараф этиш, ҳимоя дамбаларининг хавфсизлигини таъминлаш ишлари олиб борилаётгани хабар берилган эди.

манба:www.daryo.uz

Oxirgi yangilash: 22 Июль 2019