Самарқандда бўлиб ўтган иқлим форуми доирасида “Марказий Осиёда иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш” мавзусида сессия ўтказилди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, Қозоғистон Республикаси сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Туркманистон сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Дурди Генджиев, Тожикистон Республикаси энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги, Қирғиз Республикаси сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги вакиллари, Ирригация ва дренаж бўйича халқаро комиссия (ICID) Бош котиби Гупта Ракеш Кумар, Осиё сув кенгаши (АWC) Бош котиби Чо Йонг Деок, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда низоларнинг олдини олиш бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг минтақавий дастур директори Каролина Милов, Халқаро сув хўжалиги институти (IWMI)нинг минтақавий вакили Барбара Януш-Павлетта ва бошқа халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбирда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сувни тежайдиган технологиялар қамровини кенгайтириш, суғориш инфратузилмаларини модернизация қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар келажак авлодлар учун сув хавфсизлигини таъминлашда иқлим мослашуви билан минтақавий ҳамкорликни уйғунлаштирган ҳолда сув ресурсларини комплекс бошқариш стратегиялари юзасидан фикр алмашдилар.
Ахборот хизмати
манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/44039